Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин ҳарбий-техник ҳамкорликни келгусида ҳам ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини билдиришди. Бу ҳақда президентларнинг қўшма баёнотида келтирилган.

«Президентлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2016 йилнинг 29 ноябрь куни имзоланган ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш ва 2017 йил учун мудофаа вазирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик Режаси тўғрисида битимнинг ҳаётга татбиқ этилиши, ҳарбий-техник ҳамкорликни келгусида ҳам ривожлантириш хусусида гаплашишди», — дейилган ҳужжатда.

Шартноманинг мақсади ҳарбий-техникавий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан иборат.

Томонлар шартнома доирасида ҳарбий мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни, жумладан қурол-яроғлар, ҳарбий техника, ишлар, хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари, уларга бўлган ҳуқуқларни ҳамда ҳарбий-техник соҳадаги маълумотни етказиб бериши мумкин.

Шунингдек, томонлар қурол-яроғлар ҳамда ҳарбий техникага хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ҳамда ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш бўйича ишни амалга ошириш ниятида.

Ўзбекистон ва РФ ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш, модернизация қилиш ва фойдаланиш бўйича қўшма корхона ҳамда ишлаб чиқаришни яратиши ҳам мумкин.