Россия президенти Владимир Путин МДҲ вакиллари билан махсус хизматларни мувофиқлаштиришни муҳокама қилди. Мазкур учрашувда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов ҳам иштирок этди.

Путин МДҲга аъзо мамлакатлар хавфсизлик идоралари ва разведка хизматлари разведка фаолияти масалалари бўйича раҳбарларининг XIV кенгаши аввалида уларга мурожаат қилди.

Владимир Путин бугунги кунда террорчилар ҳужуми барча МДҲ мамлакатларига хавф солаётганини таъкидлади. У халқаро терроризм ва экстремизмга қарши самарали курашиш учун махсус хизматларнинг ўзаро қалин алоқада бўлиши зарурлиги ҳақида баёнот берди. 

«Халқаро терроризм ва экстремизмга қарши кураш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун махсус хизматлар ишини мувофиқлаштириш зарур», — дейилади хабарда. 

«Кўриб турганингиздек, вазият яхши томонга ўзгармаяпти.  Бунинг тасдиғи – яқинда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган фожиалар. Террорчи ҳужуми оқибатида одамлар қурбон бўлди, кўп киши жароҳат олди», — деган Владимир Путин.

Россия президенти, шунингдек, учрашув қатнашчилари кўплаб муҳим саволларни батафсил муҳокама қилишларига умид билдирган. 

Россия президентининг фикрига кўра, МДҲ мамлакатларига террорчиликдан бошқа яна бир неча хавфлар таҳдид солмоқда. Улар орасида уюшган жиноятчилик, наркотрафик, коррупция ва давлатлар ички сиёсатига ташқаридан аралашиш каби хатарлар бор.

Владимир Путин бугунги кунда МДҲ мамлакатлари хавфсизлик хизматлари ўртасида жуда яхши ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилганини қайд этган.