Россиянинг «Ростех» давлат корпорацияси Ўзбекистон билан ҳамкорликда республика машинасозлик корхоналари эҳтиёжлари учун кенг қамровли маҳсулотлар ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ташкил этади. Томонлар, шунингдек,  автомобилсозлик корхоналарининг саноат кооперацияси доирасида, Ўзбекистон ҳудудида ҳаво қатновини автоматлаштирилган ҳолда бошқариш, газтурбинали ва газ қазиб олувчи ускуналарни етказиб бериш ва таъмирлаш лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этишни кўриб чиқмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга уюштирган давлат ташрифи чоғида шундай келишувларга эришилган. Мазкур ташриф доирасида «Ростех» бош директори Сергей Чемезов ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев ўзаро англашув меморандумини имзолашди. 

Бундан ташқари, «Ростех» Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг бошқа истиқболли йўналишларида ҳам иштирок этишни режалаштирмоқда. Хусусан, Ўзбекистон темир йўллари эҳтиёжлари учун Уралвагонзаводнинг 1520 ммдаги ғилдираклар жуфтлигининг ўқларини ҳамда бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Тоғ-кон саноатида «Узоқ» мис кони негизида тоғ-кон мажмуасини барпо қилиш шулар жумласидан. 

«Ростех» — 2007 йилда ташкил этилган Россия давлат корпорацияси бўлиб, фуқаролик ва ҳарбий аҳамиятга молик юқори технологияли маҳсулотларни барпо қилиш, ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ихтисослашган. Унинг таркибига 700дан ортиқ ташкилот киради.