Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокараларни давом эттирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

«Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг бу галги учрашуви Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асос солган ўзаро манфаатли мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди», — дейилади ЎзА ахборотида.

Унда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм, меҳнат мигрантларига муносиб шароитлар яратиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Россия халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки мамлакатнинг ташқи сиёсат, ташқи савдо, мудофаа маҳкамалари ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ва Россия БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. 2013—2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015—2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда.

Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шерикларидан бири. Ўзбекистон Россияга табиий газ, транспорт воситалари, қора ва рангли металлар, трикотаж, пахта толаси, мева-сабзавотлар, турли хизматлар экспорт қилади. Россия Ўзбекистонга транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради.

Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 961 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда Россиянинг 64 фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Россия ҳудудида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан 595 тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган бўлиб, улар самарали фаолият олиб бормоқда.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда.

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокарада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, уни янги босқичга кўтариш борасида фикр алмашилди.