Бугун Бухоро вилоятида ҳавас қилса арзигулик тадбиркорлар кўплаб топилади. Таҳририятнинг Бухорога сафари давомида эл хизматида бўлган меҳнаткаш тадбиркорлар фаолиятига ҳам назар солинди. 

“Paxtasanoat Tabiat Ne`mati” масъулияти чекланган жамияти 2012 йилда вилоят аҳолисини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар етиштириш мақсадида ташкил қилинган. Жамиятга Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан 3 гектар ер майдони иссиқхоналар қуриш учун ер майдони ажратилди. Ажратилган ер майдонига “Ўзсаноатқурилишбанк” иштирокидаги Халқаро Тараққиёт Уюшмаси кредит линияси лойиҳаси асосида Қишлоқ хўжалик корхоналарини қўллаб-қувватлаш “Фаза-2”га йўналтирилган маблағи ҳисобидан 440 000 АҚШ Доллари миқдорида кредит расмийлаштириб, Корея давлатидан келтирилган энергия манбаларини тежайдиган замонавий иссиқхоналар ўрнатилди 

-  Бу ер ташландиқ жой, қамишзор бўлган. Ҳокимиятга бориб маслаҳат олдик, кейин эса кредит олинди. Сўнг замонавий иссиқхоналар ўрнатилди. Шу тариқа иш бошладик, - дейди тадбиркор Марат Султонов.

Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда тахминан 60 минг доллар атрофида экспорт қилинган бўлиб, унинг 50 фоизи давлатга сотилди, 50 фоизи эса корхонага қолган. Маҳсулот асосан Россия давлатига экспорт қилинди.

Тадбиркорнинг айтишича, 2017 йилда ҳам маҳсулотни асосан Россияга экспорт қилиш мўлжалланган. Корхонада олти киши доимий иш билан таъминланган.

Йигит кишига қирқ ҳунар оз, дейди халқимиз. Бугун тадбиркорларимиз бир вақтнинг ўзида турли йўналишларда фаолият кўрсатиши уларнинг меҳнаткашлигидан далолат. 

“Paxtasanoat Tabiat Ne`mati” МЧЖ раҳбари Марат Султонов вилоят аҳолисини экологик тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Toza Suv Salomatlik Kaliti” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини ҳам йўлга қўйган. 

Бухоро вилояти, Вобкент тумани, Эҳсон қишлоқ фуқаролар йиғини, Кўлхатиб аҳоли пунктидан ичимлик суви ишлаб чиқариш цехи қурилиб, айни кунда аҳолига экологик тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда. Бунда савдо қилиш учун мўлжалланган кўчма шохобчалар Бухоро шаҳрининг турли нуқталарига ўрнатилган. Жамиятда 50 нафар ёшлар иш билан таъминланган. 

Ҳозирда жамиятнинг Бухоро шаҳри ҳудудида 50 нуқтаси бўлиб, келажакда вилоятнинг барча туманларида ҳамда қўшни вилоятларда аҳолини экологик тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун мўлжалланган кўчма шохобчаларни ўрнатиш режалаштирилган. 

Tas-Ix (Mover) да кўриш

Youtube`да кўриш