Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида олиб борилган тадбирлар натижасида март ойида 89 704та, 30 март - 6 апрель оралиғида 21 900та қоида бузарлик аниқланди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълум қилди. 

115та чорраҳага ўрнатилган 883та кузатув камераси ёрдамида 15 мартдан 6 апрель кунига қадар жами 51 000 дан зиёд қоидабузарлик аниқланган. Бунинг 30 мингдан ортиғи светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш ва 21 мингдан ортиғи тезликни белгиланган меъёрдан ошириш қоидабузарликларини ташкил этган.

30 мартдан 6 апрелгача бўлган бир ҳафта ичида камералар ёрдамида жами 6 371та, шундан 3 718та светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш ва 2 653таси тезликни белгиланган меъёрдан ошириш қоидабузарлиги қайд этилган.

Шу билан бирга, кузатув камералари ишга тушгандан буён, яъни 15 мартдан 6 апрель кунига қадар йўл транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27тага ёки 31,4 фоизга, автоҳалокатларда одам ўлими билан боғлиқ ҳолат 7тага ёки 53,8 фоизга, ЙТҲда тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳолат 25тага ёки 25 фоизга камайган.