АҚШ президенти Дональд Трамп бойлигининг аниқ миқдори маълум эмас. Трампнинг айтишича, унинг бойлиги 10 млрд долларга тенг. Forbes нашри эса Трампнинг бойлиги анча камроқни – 3,5 млрд долларни ташкил қилишини айтиб келади. Бироқ нима бўлганда ҳам, у бадавлат инсондир. 

Forbes маълумотларига кўра, Трамп бойлигининг асосий ташкил этувчиси – кўчмас мулкдир. Трампнинг биргина Нью-Йоркдаги кўчмас мулки 1,7 млрд долларга баҳоланади. Қолган кўчмас мол-мулки эса 630 млн долларга тенг. 

Бунга Трампга тегишли 620 млн долларлик гольф-клуб ва курортларни, 270 млн долларлик акция ва облигацияларни ва Трамп номининг савдо маркалари, бинолар ва бошқаларда ишлатилишидан олинган 230 млн долларни қўшинг. Айнан 3,5 млрд доллар ҳосил бўлади.

Бироқ Трамп бундан 5 чандон бойроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Бунинг сабаби эса қуйида келтирилган.

Фараз қилайлик, Трамп 1974 йилда фонд бозорига 1 доллар тикиб, олинган дивидендларни инвестиция қилганда, 2016 йил охирига келиб унда 84,11 доллар пул жамғарилган бўларди.

Аслида 1974 йилда Трампда 200 млн доллар бўлган. Бу пул унга отасидан мерос бўлиб қолган. Агар бу пулларни инвестиция қилганда, унда бугун унинг бойлиги 16,8 млрд долларни, яъни дастлабки пулидан 80 чандон кўпроқни ташкил қилган бўларди. Бу миқдор эса 3,5 млрд доллардан анчагина кўп, тўғримасми?

Шунинг учун агар Трамп ўзида бор бўлган пулни бизнесни юритишга эмас, балки фонд бозорига киритиб, вақтини гольф ўйнаб ўтказганда унда у бугунги кунда Forbes рейтингида 544-ўринни эмас, балки миллиардерлар Рей Далио ва Карл Айкан билан бир қаторда 54-ўринни эгаллаб турган бўларди.