CNN Money агентлиги General Motors бош директорини соҳадаги энг катта маош олувчи раҳбар, деб топди. Мэри Барра 2016 йил мобайнида 22,6 миллион доллар ишлаб топиб, рейтингни кетма-кет иккинчи бор бошқармоқда.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, ўтган йили Барра хоним 2015 йилдагига нисбатан 21 фоизга камроқ пул ишлаб топган, бироқ бу ҳол у ва GM топ-менежерларининг акциялар бўйича опционларни олиш схемасининг ўзига хослиги билан тушунтирилади. Агар бу ҳол ҳисобга олинмаса, 2016 йилда унинг маоши деярли 30 фоизга ўсган.

Мэри Барра General Motors директори лавозимини 2014 йилда эгаллаган ва йирик автоконцернни бошқараётган илк аёл бўлган. Ҳали лавозимга тайинлангунига қадар у автомобиль саноатидаги энг нуфузли аёл, дея тан олинган эди. Бундан ташқари, 2015 йилда дунёнинг энг буюк эллик етакчиси рўйхатига ҳам тушган (тўққизинчи ўрин).

Иккинчи ўринда Ford раҳбари, 22, 1 миллион доллар (2015 йилдагидан 19 фоизга кўп) ишлаб топган  Марк Филдс бормоқда. Кучли учликни FCA да худди шу лавозимни эгаллаб турган Сержио Маркионне якунлаб берган. Бу раҳбар 2016 йилда 9,9 миллион евро (10,6 миллион долларга) яқин пул ишлаган.

Volkswagen бош директори Маттиас Мюллер 7,3 миллион евро йиллик маоши (7,8 млн. доллар) билан тўртинчи ўринни эгаллаган. Рейтинг муаллифларининг қайд этишича, япон автосаноати раҳбарлари европалик ва америкалик ҳамкасбларига нисбатан жуда кам ишлаб топишади. 

Соҳанинг энг кам пул ишлаб топувчи раҳбари Tesla Motors’ни бошқарётган Илон Маск ҳисобланар экан. 2015 йилда фирма унинг маоши борасида оммага расман эълон қилганида йилига 38 минг доллардан кам эканлигини маълум бўлган эди. Ўшанда бу сумма Калифорниядаги амалдаги 80 соатлик иш ҳафтаси учун тўланиши лозим бўлган минимал маошга асослангани айтиб ўтилган эди. Лекин Илон Маскка "Тесла"нинг 33,6 миллион акцияси тегишли ва у 10 миллиард АҚШ долларига баҳоланади. Бу эса уни дунёдаги автомобиль компаниялари раҳбарлари ичра энг бойига айлантиради.