Ҳиндистон  узоқ йиллардан бери ўзбек мошини мунтазам харид қилиб келади. Биргина ўтган йили мазкур мамлакатга 67 минг тоннадан ортиқ шундай маҳсулот етказиб берилди, деб ёзади “Халқ сўзи” газетаси. 

Бу 2015 йилдагига қараганда уч баравар кўпдир. Бунда “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. “Shri Niwas Dall And Besan Mill”, “Green Field Agro”, “Avika Foods” ва “Eco Green Import&Export” сингари Ҳиндистон компаниялари билан тўғридан-тўғри шартномалар имзоланган. Дарвоқе, ушбу маҳсулотни, асосан, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятлари деҳқонлари етиштириб бераётир. Жорий йилнинг январь ойида “Ўзагроэкспорт” томонидан Ҳиндистонга 300 тонна мош экспорт қилинди. Март ойининг охирида яна икки минг тонна маҳсулот юкланиб, ушбу манзил томон жўнатилди. Бундан ташқари, ҳинд ҳамкорлар таклифига биноан, республиканинг турли ҳудудларида кейинчалик экспорт қилиш учун мошнинг янги навлари, жумладан, “Black Matpe” навини синов тариқасида етиштириш мўлжалланаяпти. 

Мазкур йўналишдаги ишлар кўлами келгусида ортиб бораверади. Негаки, биргина 2016 — 2020 йилларда мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларининг хом ашё базасини янада ривожлантириш, уларни қайта ишлашни чуқурлаштириш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кўпайтириш дастурига мувофиқ, 596 миллион АҚШ долларилик 180 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.