Иордания қироли Абдуллоҳ II Washington Post газетасига берган интервьюсида Сурия масаласига ечим топиш учун АҚШ ва ЕИни Қрим масаласи бўйича Россияга ён беришга чақирди.

Иордания монархининг сўзларига кўра, Россия айни пайтда "уч ўлчамли шахмат ўйнамоқда", бу ўйинда Қрим, Сурия ва Украина катта аҳамиятга эга.

"Америкаликлар ва европаликлар руслар билан шу уч масалани бирваракайига муҳокама қилишлари лозим", — дея таъкидлаган Абдуллоҳ II, бу борада "кескин савдолашиш" лозимлигини ҳам маслаҳат берар экан.

"Руслар учун, менимча, энг муҳими бу — Қрим. Агар Қрим масаласида томонлар ҳамфикрлиликка келишса, фикримча, Сурия масаласида анча юмшоқликни кузата бошлайсиз, Украина ҳам ўшанда бугунгидек муаммоли ҳудуд бўлмай қолади", — деган Абдуллоҳ II.

Қрим Украинада содир бўлган норозилик намойишларидан сўнг, 2014 йил мартида ўтказилган референдумдан сўнг Россия ҳудудига айланган эди. Референдумда Россия билан қўшилишни ёқлаб қримликларнинг 96,77 фоизи, севастополликларнинг 95,6 фоизи овоз беришган. Гарчи ушбу референдум ва ҳудуднинг Россияга қўшилиши жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган бўлса-да, Россия президенти Владимир Путин ярим оролнинг ҳудудий мансублиги масаласи аллақачон ёпилганини таъкидлаган. Москва, шунингдек, Қрим Россия ва АҚШ ўртасидаги савдолашув учун сабаб бўла олмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.