Петербург теракти ижрочиси Акбаржон Жалилов Сурияда ИШИД жангарилари сафида ҳарбий тайёргарликдан ўтган бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Фонтанка.ру» ўз манбасига асосланиб хабар берган.

Федерал хавфсизлик хизматидаги манбанинг маълум қилишича, 2014 йили Жалилов Туркиядан Россияга киргани аниқланган.

«У Сурияда бўлгани, ИШИД назорати остидаги ҳудудда ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ҳақида ишончли ахборот мавжуд», — дейилган сайтда.

Унинг ИШИД билан алоқадорлигини у тайёрлаган бомба ҳам исботлаб тургани айтилган. Яъни, бомбада асосан Суриядаги жангарилар ишлатадиган қиздирилган шакар моддасидан фойдаланилган.

Россия махсус хизматлари Жалиловнинг чет элга саёҳатлари маршрутларини ўрганмоқда.

Бундан олдинроқ Тергов қўмитаси Жалиловнинг шериклари қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Ҳозирча уларнинг шахси маълум қилинмаган.

Шунингдек, бугун Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари маҳаллий вақт билан соат 5 атрофида Санкт-Петербургнинг «Товаришеский» шоҳкўчасидаги уйда портлаш хавфини туғдириши мумкин бўлган буюмни аниқлади. Шундан сўнг уйда яшовчилар эвакуация қилинди ва портловчи қурилма зарарсизлантирилди.