«Интер» яримҳимоячиси Иван Перишич фаолиятини Англияда давом эттириши мумкин. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар тарқатди.

Манба берган маълумотга кўра, «Манчестер Юнайтед» 28 ёшли хорватиялик вингернинг трансфери бўйича бир неча ҳафталардан буён музокаралар ўтказиб келмоқда. Перишичнинг ўйини бош мураббий Жозе Моуриньонинг шахсан ўзига маъқул келган.

Ҳозирда Манчестер клуби футболчига «Челси» томонидан бўлаётган қизиқишлар сабаб анча фаоллашиб қолган. «МЮ» Перишич учун Милан талаб қилаётган 60 миллион еврони тўлашга тайёр бўлиб турибди.

«Интер» молиявий «фейр-плей» талабларини бузмаслик учун 30 июнга қадар ўз футболчиларидан бирини сотишни режа қилган. Шундан кейин клуб катта миқдорда пул сарфлаб трансферларни амалга ошириши мумкин бўлади.