Биокимёгарлар Қуёш нури ёрдамида 20 соат вақт ичида "тирик тупроқ"ни яратишга муваффақ бўлишди, деб ёзади kp.ru

Инжил, Қуръон каби муқаддас китобларда Аллоҳ илк инсон — Одам Атони тупроқдан ясаб, унга жон ато этган, дейилади. Фан эса, ўз навбатида, ҳаёт "илк шўрва"даги кимёвий реакциялар натижасида пайдо бўлгани, кейинчалик эволюция ўз ишини қилгани ҳақидаги назарияни илгари суриб келади. Мактабларда шундай ўқитилиб келинмоқда.

Бироқ замонавий тадқиқотчилар парадоксал хулосага келишмоқда: илмий позициялардан қаралганда тупроқ номзоди "илк зувала" материал сифатида анча афзалроқ кўринмоқда.  

Нептун, сен ноҳақсан!

- Илк ҳужайрали организмлар шу пайтгача ҳисобланиб келинган океанда эмас, конденсатланган сув буғига тўла геотермал ҳавзаларда пайдо бўлган бўлиши мумкин, — деб ҳисобламоқда Германиядаги Оснабрюк университети биофизиги Армен Мулкижанян.

Мулкижанян иштирокчи бўлган МДУ битирувчиларидан иборат, Россия, Германия ва АҚШ лабораторияда илмий иш билан банд тадқиқотчилар жамоаси ҳаёт пайдо бўлган илк геологик шароитларни қайта барпо этиб кўришган. Тадқиқотчилар барча ҳужайрали организмлар азалдан умумий аждодга эга бўлган, деган назарияга таянишган. Тирик жониворларнинг турли вакилларининг шартли ирсий материалини ўрганиб, солиштирма геномика бўйича мутахассис Евгений Кунин (АҚШ миллий саломатлик институтининг миллий биотехнология маркази олими) барча организмларда мавжуд бўлган 60 та генни ажратиб олган. Демак, генларнинг ҳаммаси бизга умумий аждоддан мерос бўлиб келган, кейинроқ инсон ва инфузория-туфельканинг ривожланиш йўллари айро тушган.

Бу ҳолатда қизиқ нарса юзага келган — бу қадимий генлар кодлаштирган оқсилларнинг натрийга умуман эҳтиёжи бўлмаган. Демак, шўр сувли, натрийга бой муҳит ҳисобланувчи океанда ҳаёт пайдо бўлиши умуман мумкин бўлмаган. Чунки илк тирик организмларнинг биокимёси атроф муҳитдан кучли фарқ қилиши лозим бўлмаган. 

Бироқ, "илк" оқсиллар калий, фосфор бирикмалари, рух ионлари ва магнийга эҳтиёж сезган. Ўша қадимий океаннинг ҳам кимёвий таркиби бу эҳтиёжларга асло жавоб бермасди. Масалан, 3,5 миллиард ёшга тенг қоятош жинслари таркибида мавжуд қадимий океан сувларнинг пуфакчалари таркибида натрийнинг миқдори калийникидан 40 баробар кўп эканлиги аниқланган.

Олимларнинг тахминича, ҳаёт — қуруқликда, геотермал фаоллик кузатилган жойда пайдо бўлган. Фан доктори Мулкжаняннинг сўзларига кўра, Камчаткадаги геотермал майдонлардаги буғ ва газ конденсатларининг кимёвий таҳлили айнан шу муҳит илк ҳужайралар учун зарур бўлган "Менделеев жадвали"га эга эканлиги ойдинлашган. Ўша буғ конденсатланиб, актив менералларга бой кўлмаклар ва кичикроқ кўллар ҳосил қилган.

Тупроқдан пайдо бўлган устун

Ўша кўллар ва сув ҳавзалари қирғоғидаги айнан ўша тупроқ ҳаёт пайдо бўлишида инкубатор вазифасини ўтаганининг эҳтимоли катта. Бу ҳақда илк бор бир неча йил аввал шотландиялик кимёгар Александр Кейрнс-Смит айтиб ўтган эди. Унинг фаразича, илк "ҳаёт ғиштчалари" — керакли шаклга қандай киришни кўрсатиб берувчи митти қум формалари ролини ўтаган гилли жинсларнинг ғовакларида пайдо бўлган бўлиши мумкин.

Бу ғояни Нью-Йоркдаги ҳаёт пайдо бўлишини тадқиқ этиш маркази биокимёгари Жеймс Феррис тажриба йўли билан исботлаган. У монтмориллонит — кучли кўпчишга мойил бўлган юпқа қаватли лой билан тажриба ўтказган. Худди шу нарсадан мушуклар учун ҳожат тупроғи ясалади. Аниқланишича, бу тупроқ органик молекулаларга ўзини-ўзи вужудга келтириш учун катализатор ролини ўташи мумкин экан. Энг оддий ҳужайралар бу лойнинг устига жойлаштирилганида улар 100 баробар тезроқ шакллана бошлаган! Лойдан ясалган "қаватли пирог" (қаватлар орасидаги масофа 1-2 нанометр) кимёвий губка ролини ўтаб, ўзига сув, металл тузлари ва органик бирикмаларни шимиб олиб, улар ўртасида кимёвий реакциялар ўтишига муҳит яратган. Боз устига, қадимги атмосферасиз Ер юзидаги барча жонли нарсаларни қириб юборувчи ультрабинафша нурланишдан ҳам ҳимоя қила олган.

Шу кунларда Кентукки университети ва Массачусеттс технолгик университети олимларининг қўшма тадқиқоти эълон қилинди. Улар оддий атмосфера босими шароитида, 90 даража иссиқликда 20 соат ичида шу "тирик тупроқ"ни синтез қилишга муваффақ бўлишган. Энди "тупроқ пробирка"ичида тирик бўлмаган нарсадан тўлиқ тирик нарса ола билишса бас (айни пайтда олимлар алал-оқибатда барибир тирик организм суррогати олишмоқда), инсоният тупроқдан пайдо бўлганини илмий йўл билан исботланган, деб ҳисоблайверсак ҳам бўлади.