Россия билан рақобат: Саудия Арабистони Европа учун нефть нархини туширди

Иқтисодиёт 06 Апрель 2017 7220
Фото: AP

Жаҳондаги энг йирик нефть экспортчиси — Саудия Арабистони Россия етакчилик қилаётган Европа бозори учун нефть нархини туширган, дея хабар берди Bloomberg агентлиги.

Saudi Aramco давлат корпорацияси барча кўринишдаги нефть маҳсулотлари учун шимоли-ғарбий Европа, Ўрта Ер денгизи давлатлари ва Осиёнинг баъзи бир давлатларига етказиладиган нефть учун баҳони расман пастлатган. Бир вақтнинг ўзида АҚШлик харидорлар учун нефть нархи оширилган.

Нархларнинг туширилиш диапазони бир баррелига 30-45 центни ташкил этган. Янги нарх-наво рўйхати май ойидан бошлаб етказиладиган нефть учун амал қилади.

2016 йилда саудияликлар Европа бозорига 42,5 миллион тонна нефть, суюлтирилган табиий газ ва бошқа нефть маҳсулотлари етказиб берган бўлса-да, ҳажм борасида собиқ СССР давлатлари, Норвегия ва Ироқдан ортда қолган, деган маълумот тарқатган Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА). "Европа бозорида айни пайтда нефтга бўлган талаб тобора ошиб бормоқда. Шу сабабли Саудия Арабистони у ердан рус баррелларни сиқиб чиқаришни мақсад қилган", — дейди Emirates NBD консалтинг компанияси таҳлилчиси Эдвард Белл.

"Роснефть" раҳбари Игорь Сечин илгарироқ Саудия Арабистони томонидан таклиф этилаётган нархлар бўйича рақобатдан қўрқмасликларини маълум қилган эди. "Европа Россия билан жиддий инфраструктура орқали боғланган", — деди у.

Россия ва Саудия Арабистони ОПЕКка аъзо давлатлар ва 11 та мустақил экспортчи давлат ичида 2016 йил декабрида нефть қазиб олишни қисқартириш битимининг асосий қатнашчилари ҳисобланишади. Битим нефть қазиб олишни 1,8 миллион баррелга қисқартириб, бозордан ортиқча нефтни йўқотиш ва нефть нархининг халқаро бозорларда барқарорлашувини таъминлаш учун тузилган эди. Шу йилнинг майида мамлакатлар битимнинг амал қилиш муддатини яна ярим йилга чўзиш масаласини кўриб чиқишади.

Кўпроқ янгиликлар