Терактни амалга ошириш учун озодликдан маҳрум этиш жазоси муддатини 20 йилга қадар ошириш ўлимга бораётган террорчига таъсир кўрсатиши даргумон. Кўпроқ эътиборни миграция соҳасидаги коррупцияга қаратиш керак, деб ҳисоблайди Россия ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича Қўмитаси аъзоси, захирадаги генерал-майор (Россия ФХХ) Александр Михайлов.

"Жиноятчи ўзини-ўзи портлатади, биз эса, агарда у портлашни амалга оширмаса, йигирма йилга озодликдан маҳрум этиш билан таҳдид қилмоқдамиз. Менинг фикримча, коррупцияга ўралашиб қолган мансабдор шахсларга нисбатан ўлим жазосини киритиш ягона йўлдир. Бу билан худкуш-террорчини қўрқитиш мумкинми, буни билмайман", - дея маълум қилди Михайлов РИА Новости’га берган интервьюсида.

Унинг фикрича, айнан коррупция терроризмни йўқ қилиш йўлидаги ғовлардан биридир.

"Бугунги кунда муҳожирлар бирга яшайдиган кўп жойлар ҳақида катта маълумот бор, у ерга полиция ҳаттоки кирмайди ҳам. Масалан – Петербургдаги "Апраксин двор" бозори. Нима учун маҳаллий ҳокимият аҳоли мурожаатига эътибор бермаяпти? У ерда тартиб ўрнатиш учун нима қилиш мумкин?", - дея савол берган генерал.

Унинг таъкидлашича, "давлат қандайдир тартиб ўрнатишга ҳаракат қилмоқда, хорижликларни текшириш орқали россиялик фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга уринмоқда".

"Бироқ россиялик фуқаролар иштироки ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларининг самарали ишисиз ҳеч нимани ўзгартириб бўлмайди", - дея қўшимча қилиб ўтган Михайлов.