5 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Шу муносабат билан Катта Кремль саройида тантанали вазият ташкил этилди. "Ъ" (Коммерсантъ нашри)нинг махсус мухбири Андрей Колесников мазкур ташрифдан олган таассуротлари билан ўртоқлашган. Унинг иқрор бўлишича, Ўзбекистон Президенти уни лол қолдиришнинг уддасидан чиққан. 

Колесниковнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев кишида кучли таассурот қолдиради. Мана у Россия Президенти Владимир Путин билан Яшил хонада учрашмоқда. Путин унга шундай деди:

— Умуман олганда биз савдо айланмасини юқори даражада ушлаб турибмиз, айрим соҳалардаги ўсиш суръатларига ишониш қийин!

Владимир Путиннинг ўзи ҳам бундай бўлишига ишонмагани аниқ!

— 260 фоиз! — дейди Шавкат Мирзиёев ҳаяжон билан.

— Ҳа, жуда ажойиб! — дейди Россия Президенти ўзига келишга уринар экан.— Айниқса, бу саноат, қишлоқ хўжалигига доир! Қишлоқ хўжалиги икки мартадан кўпроқ ўсган! Ўзбекистон маҳсулотларининг Россия бозорига етказиб берилиши икки каррадан кўпроқ ўсган!

Ўзбекистон Давлат раҳбари Петербургдаги қўпорувчиликда қурбон бўлганларнинг яқинлари ва қариндошларига ҳамдардлик билдиришдан бошлади. У кейинроқ, яна икки марта ҳамдардлигини изҳор қилди. 

— Биз сиз билан келишиб олган нарсалар (Самарқандда, Ислом Каримов дафн қилинганидан кейин) ҳаётга татбиқ этилмоқда! Москва марказида Ислом Абдуғаниевичга ёдгорлик ўрнатиш учун хиёбон ажратганингиз учун ташаккур билдирмоқчиман. Жуда яхши жой! Яна бир марта ташаккур!

Айтиш жоизки, фақатгина иқтисодиёт йўналишида барчаси жонланди, деб бўлмайди. Умуман, ундай эмас. 

— Биз Пушкин номидаги тасвирий санъат музейига ажойиб этнографимиз Игорь Савицский кўргазмаси билан келдик. 

Музей президенти Ирина Антонова ва унинг директори Марина Лошак ҳам матбуот учун баёнот бериш чоғида ҳам Яшил меҳмонхонада бўлишди. Аниқроғи, улар ҳам музокарага келганлар орасида эди. Бундан ташқари, икки президентларнинг бундай суҳбати шу вақтгача кузатилмаган. 

— Россия томонидан Афғонистон бўйича нима қилинаётган бўлса, бизни ҳайратга солмоқда ва биз бунда фаол иштирок этамиз! — деди Ўзбекистон президенти ўзининг ҳаяжонини яширмаган ҳолда.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам икки мамлакат ўртасида бунақаси бўлганмиди, дея савол билан мурожаат қилади журналист. Шавкат Мирзиёев кенгайтирилган таркибдаги музокаралар чоғида "сувдан фойдаланишнинг адолатли тизими" ҳамда ҳарбий ва фуқаролик соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳақида сўз боради. 

— Мана Сергей Викторович (Чемезов) шу ерда ўтирибди, у тасдиқлайди!

Шавкат Мирзиёев яна Ўзбекистонда етиштирилган мевалар Россияга "яшил йўлак"дан (бошқа жиҳатдан тўғри ҳам, ахир мевалар бўлса) етказилишини билдирди... Бундан ташқари, Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари ўз маҳсулотларини Россияга бевосита етказиб берилиши йўлга қўйилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. "Пўлат прокати, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати маҳсулотларига акциз солиқлари пасайтирилади ёки тўлиқ бекор қилинади... Инвестиция лойиҳалари бўйича 12 млрд долларлик келишувларга эришилган. 

— Владимир Владимирович,— дея ўз ҳисларини яширолмайди Шавкат Мирзиёев,— бунақаси ҳали бўлмаган!!! Ва бу сўнгги 4 ойдаги ишлар самарасидир!

Асосийси, буларнинг барчаси ҳақиқат!

Ўзбек раҳбариятининг Россия минтақалари раҳбарлари билан учрашувлари ҳам кўп нарсадан дарак беради. Бунақаси ҳам ҳали кузатилмаганди. 

Ниҳоят, "Аэрофлот"нинг Москвадан Самарқанд парвозлари қайта йўлга қўйилади.

— Биласизми, бу масала узоқ вақт ҳал этилмай келди, биз бу борада иродали қарор қабул қилдик! — дея маълум қилган Ўзбекистон раҳбари.

Таъкидлаш ўринлики, деб ёзади мақола муаллифи, "Россия овози", диктор Евгений Хорошевцев билан боғлиқ кутилмаган воқелик ажойиб кайфиятни буза олмади. 

Мана мен Шавкат Мирзиёевга қараб турибман. Ҳа, у бошқача одам. Ислом Каримов, масалан бошқача куларди. Бошқача гапирарди. Бошқача ўйларди. Бу жилмайиш эса, билмадим кишини қайсидир маънода, лол қолдиради.

Сўнгра, Шавкат Мирзиёев ўз баёнотини ўқир экан, хулоса қилади:

— Тушунарлики, кўп гапириш мумкин, аммо буларнинг барчаси жуда ҳам яхши!

Кремлда анча вақтдан бери бунақаси бўлмаган эди, дея якунлайди мақоласини Коммерсантъ мухбири Андрей Колесников.