Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин 6 апрель куни Американинг Флорида штатига йўл олади. У Мар-а-Лаго қароргоҳида АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп билан учрашади. Хитой томонига кўра, бу икки томонлама муносабатлар ривожининг йўналишини аниқлаб бериши керак. Трампнинг фикрича, бўлғуси музокаралар қийин, аммо муҳим бўлади. 

Икки давлат раҳбарларининг учрашуви 6-7 апрель кунлари бўлиб ўтади. Музокараларнинг асосий мавзуси иккки томонлама муносабатлар, хусусан, савдо номутаносиблиги, Тайвань масаласи, Жанубий Хитой денгизи атрофидаги тортишувлар ҳамда КХДР ядро муаммоси кабилар бўлади. 

Хитой ТИВ раҳбари ўринбосари Чжан Цзэгуаннинг баёнот беришича, Пекин музокараларнинг муваффақиятли ўтишига ишонмоқда. Аммо, Оқ уйнинг юқори лавозимли мулозими, маъмурият учрашувда тўпланиб қолган масалалар ҳал этилишига ишонмаслиги, балки уларни муҳокама қилиш доираси белгилаб олинишига умид қилинаётганига ойдинлик киритган. Унинг сўзларига кўра, Трамп Хитой етакчиси билан амалий муносабатларни ўрнатиш, мулоқот доирасини белгилаб олиш ва "натижаларга эришиш учун аниқ саналарни қўйиш" ниятида. 

Хитой ТИВнинг баёнот беришича, жаҳон майдонида чуқур ва мураккаб ўзгаришлар бўлаётган бугунги кунда икки давлат раҳбарларининг учрашуви Осиё-Тинч океани минтақасида тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга ёрдам беради.