Бугун, 6 апрель куни Тошкент шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини лицензиялашда интерактив хизматларни кўрсатувчи жараёнлар автоматлаштирилган «Лицензия» ахборот тизимлари мажмуининг ишга туширилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тадбир ташкилотчилари бўлди.  «Тараққиёт стратегияси» маркази эса тадбир ҳамкори.

Лойиҳа доирасида Электрон лицензиялаш портали яратилиб, у интернет тармоғида license.gov.uz манзилида ишлайди. Айни дамда тадбиркорлар бу портал орқали 40та фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатномалар олиш учун электрон шаклда ариза топширишлари мумкин. 

Шунингдек, ушбу аризаларни кўриб чиқиш, кузатиб бориш, лицензиялаш ва рухсатномалар бериш жараёнларини ҳам автоматлаштирилган ҳолда амалга ошириш имкони мавжуд. 

Ҳозирда “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуи тадбиркорларга транспорт, архитектура ва қурилиш, биржа, кўчмас мулк, савдо, тиббиёт, дорихона, таълим, маданият, спорт, туризм ва реклама каби соҳаларда фаолият олиб боришлари учун лицензияларни электрон кўринишда тақдим этмоқда.  
  
“Лицензия” ахборот тизимлари мажмуи 2017 йил давомида барча рухсатномалар берувчи давлат идораларида босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган. 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб эса рухсатномалар бериш жараёнлари автоматлаштирилади. Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар электрон тизим орқали олинади. 

Мазкур янгиликнинг жорий қилиниши тадбиркорлар фаолиятини ривожлантирибгина қолмай, вақтни тежаб, ортиқча оворагарчилик, қоғозбозликнинг олдини олади ҳамда керакли лицензияни ўз вақтида, осон йўл билан қўлга киритишга имкон яратади.