Таиланд қироли Маха Ватчиралонгкон (Рама Ўнинчи) мамлакатнинг янги конституциясини имзолади, деб хабар бермоқда Рейтер агентлиги.

Маълумотларга кўра, Таиланд янги конституциясини имзолаш тантанали маросими бутун давлат бўйлаб намойиш этилган. Агентликнинг таъкидлашича, бу мамлакатда умумхалқ сайловларини ўтказиш учун қўйилган муҳим қадамдир.

Хабар қилинишича, энг асосий ўзгаришлардан бири қиролга алоқадор бўлди. Эндиликда у бошқа давлатларга муваққат қирол тайинламай туриб сафар қилиш имконига эга бўлди. Бошқа тузатишларга ойдинлик киритилмаган.

Аввалроқ мамлакат бош вазири ўринбосари Висану Кхриа-Нгам Таиландда умумхалқ парламент сайловлари 2018 йилнинг февралида бўлиб ўтиши ҳақида хабар бергандик. Бу 2014 йилги ҳарбий тўнтаришдан сўнг илк бора рўй беради.