2017 йил 6 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Озарбойжон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Делегация Тошкентга МДҲ ТИВКнинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун ташриф буюрган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ТИВнинг расмий сайтида маълум қилинди

Учрашувда Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа ўзаро манфаатли соҳалардаги муносабатларининг ҳозирги ҳолати ҳамда  истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, БМТ ва МДҲ каби халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳамкорликни янада ривожлантириш, аввало, савдо-иқтисодий соҳада кенгайтиришдан томонлар манфаатдор эканлиги таъкидланди ва икки мамлакат ишбилармон доиралари алоқаларини кучайтириш, етказиб бериладиган товарлар номенклатурасини бойитиш ҳақида сўз юритилди.

Учрашувда Озарбойжон Элчиси Ҳусейн Гулиев иштирок этди.