Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 1948 йил 7 апрель куни ташкил топган. Ушбу сана Жаҳон саломатлик куни сифатида кенг нишонланади. 

Андижонда ушбу сана муносабати билан ўтказиладиган ҳафталик давомида, Андижон давлат тиббиёт институти профессор ўқитувчилари, тиббиёт муассасаларининг малакали мутахассислари барча ҳудудларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, жумладан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар, ногиронларни ҳам уй шароитида кўрикдан ўтказиб, даволаш ишларини олиб борадилар.

Андижон шаҳар кўптармоқли марказий поликлинкасида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида гапирди. Сўнг поликлиникада беморларга яратилган шароитлар билан танишди.

Олтинкўл туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида Андижон тиббиёт институтидан келган тажрибали мутахассислар кун давомида 600 нафардан зиёд беморни кўрикдан ўтказдилар.      

Ҳафталик давомида барча туман ва шаҳар аҳолисининг ижтимоий муҳофазага муҳтож кишиларининг катта қисмига малакали тиббий хизмат кўрсатиш кўзда тутилган.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон.