Европа Иттифоқи АҚШнинг Суриядаги авиабазага ҳужум қилишидан хабардор қилинган, бироқ ихтилофни ҳарбий йўл билан ҳал қилинишига қарши чиқмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Федерики Могерини маълум қилди. 

"Европа Иттифоқи Сурия ихтилофининг ҳарбий ечими мавжудмаслигига қатъий ишонади ва Сурия давлатининг бирдамлиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллиги ҳақидаги позицияни қўллаб-қувватлайди", дейилган Могерини баёнотида.  

Могерини кимёвий қуролнинг қўлланиши ҳарбий жиноятга тенглаштирилиши ва уни қўллашда айбдорлар халқаро ҳуқуққа биноан жавобгарликка тортилишлари кераклигини айтди.

АҚШ 7 апрелга ўтар кечаси кемалардан Суриядаги Шайрат аэродромига ракеталар билан зарба берган. АҚШнинг таъкидлашича, айнан шу аэродромдан Идлиб вилоятига кимёвий ҳужум амалга оширилган. Пентагоннинг таъкидлашича, аэродромга қарата 59 та ракета отилган. Хомс губернаторининг маълум қилишича, зарба оқибатида 7 киши: 5 нафар ҳарбий ва 2 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ёнғинларни ўчиришда 2 суриялик ҳарбий бедарак йўқолган, 4 нафари ҳалок бўлган ва 6 нафари жароҳатлар олган. Сурия қуролли кучлари эса 10 ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилган.  

Россия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, зарба оқибатида шунингдек моддий-техник мулк сақланган омбор, ўқув корпуси, ошхона, таъмирлаш ангарларида бўлган 6 та МиГ-23 самолёти ва радиолокацион станция йўқ қилинган.