Нидерландиядаги Kruidvat дўконлар тармоғи болалар бўяшлари учун мўлжалланган "Ўзинг бўя" туркумидаги китобчанинг бутун ададини сотувдан йиғиштириб олди. Бунга китобчанинг саҳифаларидан бирида Адольф Ҳитлер тасвирлангани сабаб бўлган.

Ушбу китобчанинг номи "Рақамлар бўйича бўяймиз" деб аталган бўлиб, унда суратлар рақамланган майдончаларга бўлиб чиқилган ва болалар шу рақамларга мос келувчи ранглар билан майдончаларни бўяшлари керак.

Китобда Ҳитлер нацистларга хос тарзда қўлини юқорига кўтарган ҳолда тасвирланган. Унинг чап қўлида свастика белгиси туширилган боғич ҳам бўлган.

Дўкон маъмурияти буни "аянчли хато" деб атади ва китобчани сотиб олган барча харидорларга пулларини қайтариб беришни таклиф қилди. 

Маълум бўлишича, ушбу китобчаларни Бельгиянинг Trifora нашриёти чоп этган. Нашриёт ходимларининг тушунтиришларича, китобчанинг мавзуси тарихий шахслар бўлган. Уларнинг айтишича, Гитлернинг тарихий шахслар орасида тасвирланиши "омадсиз тасодиф сабаб юз берган". Нашриёт йўлга қўйган хатоси учун узр сўраган.