Хитой делегациясига Трамп қароргоҳида жой етмади

Жаҳон 07 Апрель 2017 12589

Кўпчилик таажжубига, АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой раиси Си Цзиньпин билан илк учрашуви учун Оқ уйни эмас, балки Флоридадаги ўзига тегишли "Мар-а-Лаго" масканини танлади. Эҳтимол, Трамп бу қарори билан бўлиб ўтажак музокаралар тафтини пасайтиришга ҳаракат қилган бўлиши мумкин. Ахир бир ҳафтагина олдин у твиттерда Си Цзиньпин билан учрашувлар "жуда мураккаб" бўлишини айтиб ўтганди.

Бироқ, ҳозирча бир нарса мураккаблик туғдирди, холос: Трампга қарашли масканда Хитойдан  келган кўп кишилик делегация учун жой етмади. Шунинг учун масканга сиғмаганлар яқин орадаги меҳмонхонадан хоналар олишларига тўғри келган.

Хитойлик меҳмонларнинг келиши учун "Мар-а-Лаго" ўзгача тарзда безалди. 

Суратлардан кўринишича, бир-бирларига табассум улашаётган етакчилар умумий тил топган кўринишади. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади, чунки учрашувнинг биринчи кунида ҳеч қандай талаблар қўйилмаган: фақатгина танишув, биргаликда сайр қилиш ва кечки овқат тановули бўлиб ўтди.

Етакчилар учрашувида Трампнинг катта қизи Иванка Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнер ҳам иштирок этди.

Журналистлар Трампнинг Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашувидан фарқли ўлароқ, Трамп ва Цзиньпиннинг ўнлаб маротаба қўл сиқиб кўришганини суратларга муҳрлашди. 

Музокаралар 7 апрелда бошланади. Икки давлат етакчиси савдо муносабатлари, Тайвань масаласи ва Шимолий Кореянинг ядровий дастурини муҳокама қилишади. 

Кўпроқ янгиликлар