Хитойнинг электрон тижорат соҳасида фаолият юритувчи JD.com корпорацияси мамлакат жануби-ғарбида учувчисиз етказиб бериш хизматига мўлжалланган қурилмалар учун 150 та махсус аэропорт қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар бермоқда.

Февраль ойи охирида JD.com дунёдаги биринчи учувчисиз учар қурилмалар ёрдамида етказиб бериш тармоқларини яратиш ниятида экани хабар қилинганди. 

JD.com ижрочи директори Лю Цяндуннинг сўзларига кўра, аэропортлар Сичуань вилоятида яқин уч йил давомида қурилади. Маълум қилинишича, учувчисиз учар қурилмалар ёрдамида товарларни етказиб бериш транспорт харажатларини 70 фоизга камайтириш ҳамда бутун Хитой бўйлаб бир сутка давомида етказиб бериш имконини беради.

Синьхуа агентлигининг таъкидлашича, JD.com учувчисиз учар қурилмалари оғирлиги 50 килограммга қадар бўлган юкларни олиб ўтиши мумкин, айни дамда вазни 500 килограммга қадар бўлган моделларни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Майда эса корпорация дронлари учун еттита йўналишни ишлаб чиқиш бошланади.