АҚШ қуролли кучларининг Суриянинг Хомс провинциясидаги аэродромга ракета зарбалари қуролли террорчилик гуруҳлари, жумладан ИШИД мақсадлари йўлида хизмат қилади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот берган.

«Биз Вашингтоннинг бу зарбаларни беришдан мақсади нима бўлганини аниқ билмаймиз. Аммо бу зарбаларнинг амалга оширилиши ИШИД ва «Жебҳат ан-Нусра» ҳамда бошқа террорчилик ташкилотлари манфаатларига хизмат қилди. Бу жуда афсусланарли ҳол», — деган Песков.

У Россиянинг Яқин Шарқдаги асосий мақсади Сурия Қуролли кучларига ёрдам кўрсатиш бўлиб қолаверишини таъкидлаган.

Кремль расмийси шунингдек, Қўшма штатларнинг амалдаги президенти Дональд Трампнинг сайловолди кампаниясидаги ваъдалари у президентликда амалга ошираётган ишларга мос келмаётгани ҳақида қайд этиб ўтган.

«У халқаро терроризмга қарши кураш ҳақида кўп гапирди, у ИШИДни йўқ қилишни асосий мақсади сифатида атади ва терроризмга қарши халқаро коалицияни қайтадан ташкил қилишга урғу қаратди. Энди рўй берган воқеалар эса бунинг аксини кўрсатмоқда», — деган Песков. У Кремль бу воқеалардан қаттиқ ташвишга тушганини қўшимча қилиб ўтган.

Бундан олдинроқ, Владимир Путин АҚШнинг Сурия базасига ҳужумини суверен давлатга қарши тажовуз деб ҳисоблаши маълум қилинганди.

АҚШ қуролли кучлари 7 апрелга ўтар кечаси Дональд Трампнинг буйруғи билан Суриянинг Хомс вилоятида жойлашган аэродромга ракета зарбалари берган. Авиазарба 4 апрель куни Суриянинг Идлиб вилоятида қўлланилган кимёвий қуролга жавоб бўлган. АҚШ раҳбарияти тахмин қилинаётган кимёвий ҳужум айнан шу аэродромдан бошланган деб ҳисобламоқда.