Суриянинг Идлиб вилоятида кимёвий қурол қўлланилганига бирорта далил-исбот келтириш АҚШни ташвишлантирмади. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров шундай баёнот берди. РИА Новости шу ҳақда маълум қилмоқда.

"Қандайдир далил келтириш уларни ташвишлантирмади, шунчаки болаларнинг суратларини рўкач қилишди. Турли ноҳукумат ташкилотлари, хусусан фирибгар ва товламачи "Оқ каскалилар"нинг кўрсатмаларини таъкидлашди. Улар Сурия ҳукуматига қарши ҳаракатларга пойдевор бўлувчи ҳолатларни саҳналаштириш билан шуғулланишади", — деган Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири, шунингдек, АҚШнинг Сурияга берган зарбаларини Ироққа бостириб киришга қиёслади. 

"Бу 2003 йилдаги вазиятни ёдга солади. Ўшанда, АҚШ, Буюк Британия ўзларининг айрим иттифоқчилари билан Хавфсизлик кенгашининг розилигисиз, халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузган ҳолда Ироққа бостириб кирган эди",- деб баёнот берди Лавров. 

Сергей Лавров, АҚШ зарбалари кимга ёрдам бериши борасида ҳам фикрларини билдирди. 

Унга кўра, Американинг Сурия ҲҲК базасига ракета зарбалари бериши Остона ва Женева музокараларини бузишни ҳамда САРдаги ҳокимиятни куч билан ағдаришни истаётганларга фойдалидир. 

"Агар амалга оширилган ҳаракат кимга керак, деб савол бериладиган бўлса, айтиш мумкинки, бу Женева, Остона жараёнларини барбод қилишни хоҳлаётанларга керак. Улар инқирозга тинч йўл билан барҳам беришдан куч ишлатиш йўлига ўтиш учун баҳона, исбот қидирмоқда", — деган Лавров.