Беларусь президенти Александр Лукашенко Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари собиқ иттифоқ ҳудудида пайдо бўлган можароларни ҳал этишда фаол позицияни эгаллаши кераклиги ҳақида маълум қилди.

"Агарда МДҲ доирасида Тоғли Қорабоғ муаммоси, Украинадаги Донбасс муаммоси, Приднестровье муаммоси ҳал қилинганда эди... Бироқ биз буни амалга ошираётганимиз йўқ-ку. Баъзида буни амалга ошириш мумкин эмаслиги учун эмас, балки турли манфаатлар туфайли қилмаяпмиз. Муаммони эса ҳал қилиш керак", - дея маълум қилди Лукашенко “Мир” телеканалига берган интервьюсида

Беларусь президентининг фикрича, ушбу можароларни ҳал этишда одамлар манфаатидан келиб чиқиб иш юритиш керак. “Тоғли Қорабоғда одамлар доимий равишда маълум ҳарбий муаммоларга дуч келаётгани туфайли яхши яшамоқдами? Улар шунчаки яшашмоқда ва эртага нимадир рўй беришини кутишмоқда. Бу тўғрими? Бу нотўғри! Кимга бу керак? Ҳеч кимга!”, - дея таъкидлаб ўтди у.

"МДҲ юзасида турган бу масалаларни келажакка қарашдан олдин ҳал қилиш керак. Биз бу масалаларни ҳал этиб, ҳаракат қилишимиз лозим бўлган янги стратегик йўналишларни кўра оламиз", - дея қўшимча қилиб ўтди Лукашенко.