Қозоғистонлик боксчи Геннадий Головкин жароҳат олган. Бу ҳақда WBO чемпиони Жо Сондерснинг промоутери Фрэнк Уорренга асосланиб Boxingnews24.com хабар тарқатди.

"Головкиннинг жамоаси билан музокаралар тўхтаб қолди. Унинг промоутерлари менга у жароҳатлангани ҳақида айтишди. Барчаси қандай якун топишини кўрамиз. Биз бу жанг ўтказилишидан манфаатдормиз ва бу жангга ҳар қачон тайёрмиз", деган у.

Америкалик журналист Ден Амброзенинг ёзишича, Головкин 18 март куни Дэниэл Жейкобсга қарши жанг вақтида жароҳатланган бўлиши мумкин.

Бошқа тахминларга кўра, аслида Головкин жароҳатланмаган, унинг жамоаси тактика қўлламоқда. Шунингдек жамоа қарор қабул қилиш учун вақтга эга бўлмоқчилиги айтилган.

33 ёшли Головкин WBA (Супер), IBO, IBF ва WBC версияларининг ўрта вазн тоифасидаги жаҳон чемпиони ҳисобланади. У ўз вазнида мутлақ жаҳон чемпионига айланиши учун, Сондерсдан WBO камарини тортиб олиши керак бўлади.