Самарқанд вилояти 57-Оқдарё сайлов округидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Сиддиқ Намозов тумандаги тиббиёт бирлашмасига ташрифи чоғида у ердаги шарт-шароитлар халқнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётганлигига гувоҳ бўлди, деб ёзмоқда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти. 

Беморларнинг даволанишлари учун яратилган шароитлар қониқарлимаслиги, даволаниш хоналарида иситиш тизимининг яхши эмаслиги боис беморлар ноиложликдан қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланаётганлиги аниқланди. Шунингдек, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви муаммолари ҳам борлиги кўзга ташланди.

Тиббиёт бирлашмасининг неврология ҳамда туғуруқ бўлими биноси ўта таъмирталаб аҳволда. Овқатланиш ва ошхонадаги санитария ҳолати ҳам айтарли даражада эмас. Айниқса, 2017 йил 3 март санасида даволанаётган беморлар сони 152 нафар бўлиб, шундан 29 нафари пуллик, қолгани эса имтиёзли овқатланувчи касаллар ҳисобланади. Шунга қарамай, ошхонада беморларга тушлик учун тайёрланаётган овқат мошхўрда бўлиб, унга солиниши лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг миқдори жуда камлиги таажжубланарли. Таомномада кўрсатилган маҳсулотлардан биргина гўшт маҳсулотини оладиган бўлсак, 123 кишилик овқатга 1 кг нари-бери гўшт солинган холос. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Ваҳоланки, ушбу қозондан 123 нафар бемор овқатланиши керак. Ушбу масалага ойдинлик киритиш масаласида парҳез ҳамшираси Гулчеҳра Хуббимовага савол берилганида айтарли бирор изоҳ берилмади.

Шунингдек, депутат тиббиёт бирлашмасига ташриф буюрган оддий халқ билан ҳам мулоқот олиб борди. Мулоқотлар давомида неврология бўлимида ётиб, даволаниб кетган тумандаги Пичоқчи МФЙ фуқароси Умида Бобоёрова шу ерда даволанганлиги ҳақидаги тегишли ҳужжатларни 3 кундан буён шифокорлар томонидан берилмаётганлиги ва ўртада сарсон бўлиб юрганлигини таъкидлаб ўтди. Мазкур масала ЎзМТДП фракцияси аъзоси Сиддиқ Намозовнинг ташаббуси билан ўз жойида ечимини топди.