Путин Хавфсизлик кенгашини чақирди. АҚШнинг ҳаракати тажовуз деб баҳоланди

Жаҳон 07 Апрель 2017 46983

Россия президенти Владимир Путин Суриядаги ракета ҳужумидан сўнг Россия хавфсизлик кенгаши аъзолари билан шошилинч йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.

Унинг аниқлик киритишича, «Вашингтоннинг ҳаракатлари яна бир бор халқаро ҳуқуққа зид келувчи агрессия акти» сифатида баҳоланган.

«Йиғилишда рўй берган ҳодисадан чуқур хавотир билдирилиб, бундай тажовузкор ҳаракатнинг салбий оқибатларидан қочиб қутилиб бўлмаслиги қайд этилди», — деган Песков.

Бундан ташқари, ушбу ҳужум АҚШ ва Россия муносабатларига катта зарар келтиргани афсус билан таъкидланган.

Мажлисда бош вазир Дмитрий Медведев, Давлат думаси спикери Вячеслав Володин, президент маъмурияти раҳбари Антон Вайно, Хавфсизлик кенгаши раҳбари Николай Патрушев, Мудофаа вазири Сергей Шойгу, ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев, ФХХ директори Александр Бортников, Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин, шунингдек президентнинг табиатни муҳофаза қилиш, экология ва транспорт масалалари бўйича махсус вакили Сергей Иванов иштирок этган.

АҚШ қуролли кучлари 7 апрелга ўтар кечаси Дональд Трампнинг буйруғи билан Суриянинг Хомс вилоятида жойлашган аэродромга ракета зарбалари берган. Авиазарба 4 апрель куни Суриянинг Идлиб вилоятида қўлланилган кимёвий қуролга жавоб бўлган. АҚШ раҳбарияти тахмин қилинаётган кимёвий ҳужум айнан шу аэродромдан бошланган деб ҳисобламоқда.

Кўпроқ янгиликлар