АҚШнинг Сурияга нисбатан тажовузи террорчиликнинг мустаҳкамланишига кўмак беради, деб айтди БМТ Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида Россиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Владимир Сафронков.

"Сиёсий тартибга солиш жараёнини илгари суришга бугунги чорловлар ҳарбий зарбалардан кейин афсуски, мунофиқонадир", деб таъкидлаб ўтди Сафронков. 

"Бу йўналишда Остона, Женевадаги учрашувларда ижобий силжишлар кузатилаётганди. Сиз туфайли эришилмаган бу жараёнга путур етказаётганда нималарга таяндинглар?", деб АҚШ томонга юзланди Сафронков. 

Унинг айтишича, Москва Сурия бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан Вашингтонга бир неча маротаба мурожаат қилган, бироқ АҚШ бошқа йўлдан боришга қарор қилди. 

"Бироқ сиз ўзингизнинг йўлдан борганингизда бу давлатлар ва уларнинг аҳолисига фожиага айланган. Оқибатларни ўйланг. Яқин Шарқда нималар қилиб қўйганингизни бир эсланг. Сизнинг қадамларингиз сиёсий тартибга солишга жиддий таъсир кўрсатиши ҳақида бир ўйлаб кўринг", деб ўз сўзларини интиҳолади россиялик дипломат.

Сафронков шунингдек Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг Суриядаги фаолиятини танқид қилди. Унинг айтишича, миссия "мухолифатчиларнинг хабарлари, интернет, ижтимоий тармоқлардан олинган  ва жуда шубҳали номга эга бўлган ноҳукумат ташкилотлари материалларига таянишни афзал кўриб", ноҳалол ишламоқда.    

"Сиз бу маълумотларга кўнишимизни истайсизми? Бу маълумотлар сариқ чақага ҳам арзимайди-ку", деб айтган Сафронков.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ 7 апрелга ўтар кечаси Суриядаги Шайрат аэродромига қанотли ракеталар билан зарба берди.