Сариосиё тумани 103 хизмати танқид остига олинди

Ўзбекистон 07 Апрель 2017 6072

Жорий йилнинг 7 апрель куни халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Сариосиё туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг тумандаги аҳоли билан ўтказган бевосита мулоқоти шунингдек, тадбиркорлар билан учрашувлари, соғлиқни сақлаш соҳаси, таълим муассасалари, маҳаллалар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш муассасаларининг иши билан танишувлари натижалари батафсил кўриб чиқилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Йиғилишда тиббиёт масканлари, хусусан, қишлоқ врачлик пунктлари дори воситалари, тиббиёт асбоб-ускуналари билан етарлича таъминланмагани, уларда шифокорлар етишмаслиги, тез тиббий ёрдам бригадаларининг аҳоли сонига нисбатан камлиги ҳамда уларнинг моддий техника базасининг талаб даражасида эмаслиги билан боғлиқ қатор масалалар ечимига эътибор қаратилди. Шунингдек, бугунги кунда туманда тор соҳадаги хусусан, эндокринолог, ренгенолог, реаниматолог, аллерголог, профпатолог, болалар кардиологи, болалар эндокринологи, болалар гематологи, болалар офтолмологи каби шифокорларга эхтиёж мавжудлиги таъкидланиб, ушбу мутахассисларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, туман 103 хизмати, туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасининг Шарғун шаҳридаги бўлими фаолияти танқид остига олинди. Айниқса, бирламчи тиббиёт муассасалари фаолияти таҳлил қилинар экан, бу жараёнда ўзини-ўзи бошқариш органларининг масъулияти, парламент ва жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилиши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Сессияда туманда ўз ечимини кутаётган айрим камчиликлар ва муаммолар ҳамда аҳоли хонадонларига ташрифлар чоғида фуқаролар томонидан кўтарилган масалалар хусусида ҳам сўз юритилди. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш, бунда уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш борасида мутасадди ташкилот ва идоралар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, тижорат банкларининг фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, пенсия таъминоти, иш ҳақи ва ижтимоий нафақалар тўланишининг ҳолати атрофлича таҳлил этилди. Биргина аҳолини маданий дам олиш ва ҳордиқ чиқаришини самарали ташкил этиш, ушбу масканларни малакали кадрлар билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш биноларини замон талаблари даражасида қуриш ва жиҳозлаш ишлари ҳам депутатларнинг эътибор марказида бўлди. Жумладан. Сариосиё маданият муассасаларида малакали кадрларнинг етишмаслиги билан боғлиқ кўпгина ҳолатлар қайд этилди.

Сессия якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгашининг қарори қабул қилинди. 

Кўпроқ янгиликлар