Бугун Тошкентда МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бошланади. Мажлис кун тартибига 16 ҳужжат лойиҳаси киритилган. Улар Ҳамдўстлик мамлакатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига қаратилган.

Ўзбекистон ТИВ хабарига кўра, МДҲ давлатлари делегациялари Тошкентга етиб келишди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари ТИВ кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Беларусь ТИВ раҳбари Владимир Макей, Қозоғистон ТИВ раҳбари Кайрат Абдрахманов, Қирғизистон ТИВ раҳбари Эрлан Абдилдаев, Россия Федерацияси ТИВ раҳбари Сергей Лавров, Тожикистон ТИВ раҳбари Сироджидин Аслов, Озарбайжон ТИВ раҳбари ўринбосари Халаф Халафов, Молдова Республикаси ташқи ишлар ва Европа билан интеграция вазири ўринбосари Лилиан Дарий, Туркманистон ТИВ раҳбари ўринбосари Вепа Хаджиев ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев бошчилигидаги делегациялар етиб келган.

Йиғилиш давомида ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашадилар, Ҳамдўстлик доирасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, ҳамда ҳуқуқ-тартибот, маданий ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатларни тасдиқлайдилар.

Йиғилишда иштирокчи давлатларнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек барқарор ривожланишни таъминлашда кўп томонлама ҳамкорлигига оид 15та масала муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.

Жумладан, Тошкентда терроризмга қарши курашга қаратилган қатор ҳужжатлар тасдиқланиши кутилмоқда.