АҚШ президенти Дональд Трампнинг баёнот беришича, у барча цивилизациялашган халқларни Америка билан бирга Суриядаги оммавий қирғинлар ва қон тўкилишларга барҳам бериш йўлларини қидиришга чақиради. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар қилди.

Трампнинг айтишича, Сирия базаларига берилган ҳаво зарбалари «миллий хавфсизликнинг энг муҳим манфаатларига» жавоб беради.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ўта хавфли кимёвий қурол тарқалиши ва қўлланилишига «барҳам бериши керак». 

«Сурия ҳукумати тақиқланган кимёвий қуролни ишлатганига ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деган Трамп. 

Трампнинг таъкидлашича, «АҚШ адолатни ҳимоя қилар экан, дунёда тинчлик ва осойишталик ҳукм суради».

Хабар қилинишича, АҚШ Суриядаги авиабазага 60га яқин қанотли ракеталар билан ҳужум қилгач, Трамп журналистлар олдида чиқиш қилган. 

Аввалроқ, АҚШ Сурия аэродромига ракета зарбалари бергани ҳақида хабар қилинган эди.