АҚШ президенти Дональд Трамп миллий хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан Суриядаги ҳаракатларнинг бир неча сценарийсини муҳокама қилди. ТАССнинг Оқ уй матбуот хизматига асосан хабар беришича, бу ҳақда давлат раҳбарининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Герберт Макмастер айтиб ўтган.

«Президент билан учта вариант муҳокама қилинди ҳамда у биздан уларнинг иккитасида тўхташни, улар бўйича ишлашни сўради. Унда қатор саволлар бор эди ва биз жавоб қайтаришга уриндик... Узоқ вақт давом этган муҳокамалардан сўнг, президент ҳаракат қилиш ҳақида қарор қабул қилди», - дея таъкидлаб ўтди у.

АҚШ 6 апрель, пайшанба куни кечқурун Суриядаги аэродромга зарба берди. Хабар қилинишича, Қўшма Штатлар 59 та “Томагавк” ракеталарини учирган, улар Хомс вилоятидаги аш-Шайротни нишонга олган. Трампнинг фикрича, Дамашқ айнан ўша ердан Идлиб вилоятига кимёвий ҳужумни амалга оширган.