Замон талабларини ҳисобга олган ҳолда умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Мазкур низомга асосан умумий ўрта таълимда бир қатор янги тартиб-қоидалар жорий этилмоқда.

Умумтаълим муассасаларининг 1-синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади.

Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб боради.

Мактаб ёшидаги болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Болаларни умумтаълим муассасасининг 1-синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

  • ота-оналар томонидан умумтаълим муассасаси директори номига ариза;
  • ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда);
  • боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
  • боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
  • боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;

Болалар умумтаълим муассасасининг I синфига тайёргарлик даражасидан қатъи назар, танловсиз қабул қилинади, мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно. 

Низомга мувофиқ, Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари ҳамда мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўқишга қабул қилинаётган болаларнинг ота-оналари умумтаълим муассасаси устави, ички тартиб-қоидалари ва таълим-тарбия жараёнини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар билан таништирилиши лозим.

Умумтаълим муассасасида ҳужжатларни юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Хорижий фуқароларни умумтаълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ота-оналар фарзандларини ўқув йили давомида ёки у тугаганидан кейин бир синфдан бошқа синфга ёки бир умумтаълим муассасасидан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга. 

Ўқувчиларни синфдан синфга, бир умумтаълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.