Юридик хизмат фаолият йўналишлари янада кенгайтирилди

Ўзбекистон 07 Апрель 2017 5291

Юридик хизмат фаолият йўналишлари янада кенгайтирилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январь кунги ПҚ-2733-сон “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш;

давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг таркибий тузилмалари ишини мувофиқлаштириш;

давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий маданияти 
ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этиш;

шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, давлат органлари ва ташкилотларининг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси lex.uz сайтида жойлаштирилди.

Кўпроқ янгиликлар