Ўтказилаётган турли профилактик тадбирларга қарамасдан, ноқонуний қурол сақлаётганлар ҳамон учраб турибди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Хусусан, Зомин туманида истиқомат қилувчи Нурбек Дўсанов яшаш хонадонидан 500 метр юқорида жойлашган тоғ тошлари орасида марҳум отасидан қолган ов қуролини қонунга хилоф равишда сақлаб келган.

Тезкор тадбирда унинг қилмиши фош этилди. Суд баллистик экспертизасининг хулосасига кўра, ушбу ов қуроли 1961 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, отиш учун яроқли экан. Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган Н.Дўсанов суд томонидан энг кам иш ҳақининг 40 баравари миқдорида жаримага тортилди.

Шу туманда яшовчи Алижон Оққуловнинг ҳам уйидан ўқотар қурол топилди. У бу қуролни бир танишидан келишув асосида олган экан. Алижон қуролни ўзига тегишли фермер хўжалигининг чорва моллари хашакхонасида сақлаб келган. У ҳам қонунга мувофиқ жазога тортилди. Иш юзасидан олинган ов қуроли тегишли тартибда ИИБга топширилди.