Халқаро футбол федерацияси – FIFA 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатини ташкил этиш ва ўтказишга 1,948 млрд АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг 2016 йил якунларига доир молиявий ҳисоботида маълум қилинган. Ҳужжат ташкилот сайтида жойлаштирилган. 

Харажатлар борасида энг кўпи 627 млн доллари жойларда мусобақаларни ташкил этишга сарфланган. Бу 2016 йилда умумий сарфланган маблағларнинг 32 фоизини ташкил этади. Мусобақа қатнашчиларига берилган мукофот пуллари 400 млн доллардан иборат бўлиб, жами харажатларнинг 21 фоизидир. 

Телекўрсатувлар ишлаб чиқаришга 12 фоиз ёки 241 млн доллар маблағ сарфланган. Харажатларнинг 11 фоизини, яъни 209 млн долларини жаҳон биринчиликларида иштирок этган футболчиларнинг клубларига тўловлар ташкил этади. Бошқа харажатлар (жамоаларнинг транспорт хизмати, ҳакамларга тўловлар кабилар) 211 млн долларни ёки ўтган йилги жами сарфланган маблағларнинг 11 фоизини ташкил этган. 

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2018 келаси йил 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг 11 шаҳри: Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Нижний Новгород, Саранск, Калининград, Волгоград, Екатеринбург, Самара, Сочи ва Ростовдаги 12та стадионда бўлиб ўтади.