Ироқ қуролли кучларининг учувчисиз парвоз қилувчи қурилмалари, Мўсулнинг ғарбий қисмини ИШИД жангариларидан озод қилиш амалиёти бошланганидан бери, 500дан ортиқ жангарини йўқ қилди. Мамлакат федерал полициясининг амалиётга жалб қилинган кучлари қўмондони генерал Раид Шокир Жовдат шу ҳақда маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, жанговар дронлардан фойдаланиш натижасида 512 нафар жангари йўқ қилинган, уларнинг 77 нафари мерганлардир. Ироқ генералининг айтишича, "ҳукумат кучлари радикаллар қўлидан 260 минг ироқликни қутқарган, уларнинг 12 минг нафари шаҳарнинг ИШИДдан тозаланган туманларига қайтишган". Амалиёт бошланган 19 февралдан бери 400дан ортиқ миналаштирилган автомобиллар йўқ қилинди. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Мўсулнинг ғарбий мавзеларининг 1/3 қисми террорчилар назоратида қолмоқда. БМТнинг маълум қилишича, 500 мингга яқин фуқаро жангларнинг давом этаётгани туфайли шаҳарни тарк эта олмаяпти. Мингдан ошмайдиган террорчилар ироқликлардан тирик қалқон сифатида фойдаланишмоқда. Бу эса, ҳукумат кучларининг илгари силжишига таъсир кўрсатмоқда. 

8 апрель куни шаҳарнинг радикаллар назоратидаги ҳудудларни тарк этишга уринган 50 киши қатл қилинган, уларнинг жасадлари Мўсулни тарк этмоқчиларни қўрқитиш мақсадида марказий кўчаларда қолдирилган.