Ўзбекистонда хайрия никоҳ ва суннат тўйлари ўтказилади

Ўзбекистон 08 Апрель 2017 16187

Аввалроқ 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида умумий видеоселектор мажлис бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

Хусусан, мажлисда ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар аъзоларининг хайрия никоҳ ва суннат тўйларини ўтказиш масалалари муҳокама этилди. Унга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, бундан ташқари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг никоҳ ва суннат тўйларини ташкил этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилади. Тўйларни ташкил этиш бўйича Молия вазирлиги ва касаба уюшмалари томонидан бюджетдан маблағ ажратилади. Ҳар бир никоҳдан ўтган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оила вакилларининг ҳар бирларига мебеллар тақдим этилади ва суннат тўйи бўладиган болаларга Халқ банкига бир миллион сўмдан жамғарма қўйилади. 

Бош вазирнинг мажлисда қайд этишича, 20 жуфтгача келин-куёвнинг никоҳ тўйини бир жойда ўтказиш мақсадга мувофиқ. Баъзи олис туманларда эса истисно тариқасида бир ёки икки жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйларини алоҳида ўтказишга келишилмоқда.

Вилоят ҳокимликлари билан тўйларнинг ўтказилиш жойлари, ўтказиш муддатлари келишиб олингани айтилди.

“Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, барча вилоятлар ҳокимликлари уч кун муддатда хайрия тадбирларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишлари лозим бўлади. Тўйларни ўтказиш учун энг яхши, бориш учун қулай бўлган ва марказларда жойлашган тўйхоналарда ташкил этиш керак. Тўйхоналарга сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархларда етказиб берилишини шахсан назоратга оласизлар”, - деган Арипов.

“Яна бир масала – тўй кунгача келин-куёвларимиз ФҲДЁ органларидан ўтиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш лозим”, - дея таъкидлаб ўтди бош вазир.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, тўйларда иштирок этиш учун келин-куёв ва тўйболаларнинг яқин қариндошлари, маҳалла фаолларидан иборат жами 450-500 кишилик рўйхат тузилади.

Кўпроқ янгиликлар