Европа чемпионлар лигасининг энг муҳим учрашувлари бошланишидан олдинги уик-эндда бир қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Мадрид дербиси, немис классикоси шулар жумласидан. Tribuna.Uz ҳафта сўнггида бўлиб ўтадиган энг қизиқарли учрашувлар анонси билан таништириб ўтди.

Реал Мадрид – Атлетико (8 апрель, 19:15, UzReport)

Мадрид дербиси икки жамоанинг тиғиз тақвимига тўғри келмоқда. Келгуси ҳафтада икки жамоа ҳам Чемпионлар лигасининг чорак финал учрашувларида майдонга тушиши лозим. Икки Мадрид жамоаси ҳам чемпионатда яхши формага кириб олган. «Атлетико» сўнгги бешта учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган. Жамоа фақат бир марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан. «Реал» ҳам сўнгги олтита учрашувда ғалаба қозонди.

Иккала жамоанинг Ла-лига доирасидаги «Сантьяго Бернабэу» кечган сўнгги уч учрашувда фақат «Атлетико»нинг қўли баланд келган. «Реал» ўз уйида рақиблари устидан 2012 йилнинг декабридан буён ғалаба қозона олмаяпти. Унгача «Атлетико» 13 йил давомида «Бернабэу»да ғалаба қозона олмаганди.

«Реал» таркибида жароҳати боис бу учрашувда Рафаэль Варан майдонга туша олмайди. Шунингдек Дани Карвахалнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. «Атлетико» таркибида Кевин Гамейро машғулотларга қайтган бўлсада, бу учрашувда унинг майдонга тушиши сўроқ остида турибди.

Бавария – Боруссия Д (8 апрель, 21:30, Матч! Футбол 3)

Немисчасига айтганча Der Klassiker ҳафтани безаб бериши мумкин бўлган ўйинлардан бири эди. Албатта таркиблардаги йўқотишларни ҳисобга олмаганда бу учрашув ҳозирда ҳам нафақат Германияда балки бутун дунё футболи мухлисларининг эътиборида бўлиши тайин.

Икки жамоа ўртасидаги сўнгги учрашувларда нисбатан тенглик кузатилаётган бўлсада, бутун бошли мавсумда дортмундликлар азалий рақибига қаршилик кўрсата олмаяпти. Чемпионатнинг биринчи даврасида Дортмундда бўлган учрашувда «Боруссия» кичик ҳисобда ғалаба қозонганди. Ўша мағлубиятдан кейин олти ой ўтиб, фақат ўтган турда Анчелотти шогирдлари «Ҳоффенҳайм»га имкониятни бой бериб қўйди.

Икки жамоанинг Мюнхенда кечган сўнгги олти учрашувда «Бавария» фақат иккитасида ғалаба қозонга. Бу ҳам сўнгги икки бундеслига учрашувларида кузатилган. Унгача жамоа ўз уйидаги 4та учрашувда «Боруссия»ни мағлуб эта олмаган.

Der Klassiker афишасига соя солиб турган биргина жиҳат бу ЕЧЛ ҳафтасидан олдин жамоалардаги йўқотишлар бўлиб қолмоқда. «Бавария» «Реал»га қарши ўта муҳим учрашув олдидан Мануэль Нойер ва Томас Мюллерни майдонга тушириб таваккал қилмасликка қарор қилган. Ўйиндан икки олдинги машғулотларда Роберт Левандовски ҳам жароҳат олгани ҳақида хабар тарқалди. Бироқ кўп ўтмай футболчининг ўзи ҳаммаси жойида эканини айтиб баёнот берди. «Боруссия» таркибида эса йўқотишлар бунданда жиддий. Марко Ройс ва Марио Гётценинг ўйинда иштирок эта олмаслиги анча олдин аниқ бўлиб улгурганди. Учрашувдан олдин эса бу футболчилар сафига Эрик Дурм, Юлиан Вайгль, Андре Шюррле ва Шинжи Кагава ҳам қўшилди.

Лацио – Наполи (9 Апрель, 23:45, Матч! Футбол 2)

Февраль ойидан буён мағлубиятга учрамай келаётган «Лацио» еврокубоклар учун курашда анча ишончли кўринмоқда. Чемпионлик учун курашдан чиқиб кетган «Наполи» эса ЕЧЛ йўлланмасини сақлаб қолиш учун ҳам бу учрашувга жиддий эътибор қаратиши тайин.

Икки жамоа ўртасидаги Римда кечган сўнгги бешта учрашувдан буён «Лацио» ғалаба қозона олмаяпти. Ўз навбатида А серияда кечган тўртта учрашувдан буён «Наполи» Римда мағлубиятга учрагани йўқ. Жамоаларнинг биринчи даврадаги Неаполдаги кечган учрашувида дуранг натижа қайд этилган.

«Лацио» таркибида жароҳати сабаб Федерико Маркетти узоқ вақтдан буён майдонга туша олмаяпти. Бу ҳафтада дарвозабон сафига Лукас Биглия ва Стефан Де Врей ҳам қўшилди. Икки футболчининг бу учрашувда майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. «Наполи» таркибида Лоренцо Тонелли январдан буён майдонга тушмаётганини ҳисобга олсак, айтарли бирорта жиддий йўқотиш кўзга ташланмаяпти.

РБ Лейпциг – Байер (8 апрель, 18:30, Матч! Футбол 3)

Кетма-кет муваффақиятсизликлардан кейин «Лейпциг» сўнгги икки турни ишончли ўтказди ва ғалабалар эвазига 2-ўринни мустаҳкамлаб олди. Ҳозирда жамоа ЕЧЛга тўғридан-тўғри йўлланма учун олдингидек хотиржам бўла олмаса ҳам, сўнгги икки турда жамоа кўрсатган ўйин бунга ишончни қайтарди. «Ҳоффенҳайм» ва «Боруссия» билан совринли ўринлар учун кечадиган курашда «Байер»ни мағлубиятга учратиши шарт бўлади.

Икки жамоа шу кунга қадар фақат бир марта дуч келишган. Бундеслиганинг жорий мавсум биринчи даврасида бўлиб ўтган учрашувда «Лейпциг» катта қийинчиликлар эвазига бўлсада ғалаба қозонганди — 2:3.

«Лейпциг» таркибида Лукас Клостерманнинг узоқ вақтдан буён майдонга туша олмаётганини айтмаса таркиб борасида бошқа ҳеч қандай муаммолар йўқ. «Байер» таркибида Ларс Бендер жароҳати сабаб 4 мартдан буён майдонга туша олмаяпти. Ҳоқон Чалханўғлунинг мавсум сўнггига қадар дисквалификация қилиниши жамоа учун энг катта йўқотиш бўлиб турибди.