Ўзбекистонда ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисасини содир этгандан кейин Москвада яширинган ўзбекистонлик фуқаро Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.  

Москва прокуратураси матбуот хизмати маълумотларига кўра, эркак Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (одамнинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши) кўзда тутилган жиноятни содир этгани учун 2 йил давомида қидирилган.    

Айбланувчи 2016 йил 23 июнда Тошкент шаҳрида носоз ҳолдаги "Дамас"да пиёдалар ўтиш жойида одам уриб кетган. У 2016 йил ноябрда Москва марказида полиция ходимлари томондан ушланган.

Айни вақтда қочоқ Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига жавобгарликка тортиш учун топширилган.