Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров АҚШнинг Суриядаги Шайрат авиабазасига берган ракета зарбасини кескин қоралади ва АҚШ ўз ҳаракатлари билан террорчиларга йўл очиб бераётганини айтди.

"Ҳарбий кемалардан учирилган ракеталар кўплаб фуқароларнинг қонини тўкди ва ИШИДга сахий совға туҳфа қилди – Башар Асаднинг шундоқ ҳам заифлашган армияси 10 тагача самолёт йўқотди. Террорчиларга йўл очилди. АҚШ ҳеч қачон халқларга тинчлик ва эркинлик олиб келмаган. Уларнинг айби билан миллионлаб вьетнамликлар, афғонлар, ироқликлар ва ливияликлар ҳалок бўлган. Айнан улар Хиросима ва Нагасакини бомбардимон қилган. Бироқ бутун дунё АҚШга қарши овоз кўтара олмайди. Барча мум тишлаб, фақат "афсусланиш" ҳақидаги сўзлар билан чекланадилар", деб ёзди Қодиров Instagram’да.

Қодиров АҚШнинг Сурияга зарбасини халқаро ҳуқуққа таҳдид ва унга амал қилмаслик деб атади. Унинг таъкидлашича, зарба беришга сабаб бўлган Сурия ҳукуматининг кимёвий ҳужумга алоқадорлиги исботланмаган.

"Бу қурол Асад буйруғи билан қўлланганига исбот қани? Кимёвий ҳужумни ўзи учун энг оғир дамларда қўлламаган Асад учун бу ҳужумнинг нима кераги бор? Асад кимёвий ҳужумдан нима ютади? У бундай қилса, бутун дунё бу ишини қоралашини, кескин чоралар бўлиши мумкинлигини билади", деб қўшимча қилди Чеченистон раҳбари.

Унинг фикрича, АҚШнинг Сурияга нисбатан ҳаракатлари ва тинч аҳолининг ҳалок бўлиши Европарламентни ҳам, ПАСЕни (Европа кенгаши парламент ассамблеяси) ҳам ташвишлантирмайди. Бироқ бу ташкилотлар Россиянинг "ҳар бир аксиришига ҳам" муносабат билдиради. Чеченистон раҳбари Россиянинг Суриядаги ихтилофни ҳал қилишдаги ролини ҳам таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Россия коалициянинг барча давлатлари қила олмаган ишни якка ўзи қила олди: Россия эвазига ИШИД заифлашди, музокаралар жараёни олиб борилмоқда, шаҳарлар озод қилинмоқда, аҳолига кўмак кўрсатилмоқда.