Ғарб мамлакатларида Ислом динига қарши қарашлар пайдо бўлиши, бу динни ёмон кўриш ҳолатларининг кучайиши (исломофобия) нотўғри тушуниш оқибатларидир. Швециялик енгил атлетикачи (югуриш спорти билан шуғулланувчи) Кристина Палтен шундай фикрда.

«Мен мусулмонлардан дўстлик, биродарлик, инсонийлик ва меҳмондўстликдан бошқа нарсани кўрмадим», - деган Палтен. Унинг сўзларига кўра, Европанинг Ислом динидан қўрқуви ва уни нотўғри тушуниши ўринсиздир. 

Палтен мусулмонлар ҳақидаги нотўғри хулосаларга чек қўйиш мақсадида 2015 йилда Туркиядан Туркманистонга ташкил этилган марафонда қатнашиб, 58 кун мобайнида 1840 кмни ортда қолдирди. 

Anadolu агентлиги билан суҳбат қурган 45 ёшли Палтен мусулмонларга нисбатан сунъий урчитилаётган салбий қарашларга йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. 

«Дунёда 1,5 миллиард мусулмон яшайди ва уларнинг барчаси ҳам террорчи эмас. Бундай дейиш – бемаънилик», - деган спортчи аёл. 

Унинг айтишича, айрим ОАВ мусулмонлар хусусида салбий қарашларни шакллантиришга уринишмоқда.