2017 йил 7 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкентга МДҲ иштирокчи давлатлар Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Беларусь делегациясига бошчилик қилиб келган Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Макей билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ расмий сайти маълум қилди. 

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатлар кун тартибининг долзарб масалалари, жумладан 2016 йил октябрьида Самарқандда олий даражадаги Ўзбекистон-Беларусь учрашуви доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Томонлар кейинчалик амалга оширилган олий ҳукумат даражасидаги ташрифлар алмашинуви ҳамда бошқа алоқалар икки давлат раҳбарларининг савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича берган топшириқлари бажарилишини амалиётга ўтказиш имконини берганини мамнуният билан қайд этди.

Вазирлар МДҲ, БМТ, ЙХҲТ ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар форматида ўзаро ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари бўйича ҳам фикр алмашди.

Учрашувда Беларусь Республикаси Элчиси Николай Клакевич иштирок этди.