Сурияга берилган ракета зарбаси АҚШнинг навбатдаги стратегик хатоси бўлди. Бу ҳақда Эрон раҳбари ва диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Ҳаменеий Эрон қуролли кучлари вакиллари билан учрашувда айтди.  

"Америкаликлар қилган иш уларнинг навбатдаги стратегик хатосидир. Улар бу хатоларни такрорлашни тўхтатмаяптилар. АҚШнинг собиқ раҳбарлари ИШИДни яратдилар, сўнгра унга ёрдам бердилар. Ҳозирги америкалик расмий шахслар ИШИД ва унга ўхшаш гуруҳларнинг кучайишига кўмак бермоқдалар", деб айтди Эрон етакчиси.

Ҳаменеийнинг айтишича, яқин орада "бу гуруҳлар америкаликларнинг ўзининг ёқасидан олади". "Европа экстремизмнинг кучайишига олиб келган хатолар учун ҳақ тўламоқда. Одамлар ўзини на уйида, на кўчада хавфсиз ҳис қилмаяпти. АҚШ бир хил хатоларни қайтармоқда", деб айтди Ҳаменеий.

Охирги икки кун ичида кўплаб эронлик расмий шахслар, жумладан президент Ҳасан Руҳоний ва ташқи ишлар вазири Жавод Зариф 7 апрелга ўтар кечаси АҚШнинг Сурияга берган зарбасини қатъий қоралаб чиқдилар.