Германия Ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэлнинг фикр билдиришича, Суриядаги можарони Россия иштирокисиз бартараф этиб бўлмайди. Бу ҳақда унинг Bild учун берган интервьюсида айтилган.

"Мен россиялик ҳамкасбим Сергей Лавров билан қалин алоқаларни давом эттираман. Москва иштирокисиз Сурия муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Менда Россия Асадни абадий ҳимоя қилади, деган тасаввур йўқ", деган у.

Унинг фикрича, мавжуд зиддиятни "АҚШ, Россия ва минтақадаги бошқа асосий ўйинчилар иштирокидаги сиёсий музокаралар орқали" ҳал қилиш ва инсонларнинг уқубат чекишига чек қўйиш мумкин.

Янги эскалацияга йўл қўймаслик
Вазирдан иш АҚШ ва Россия ўртасида очиқ уруш бошланиб кетиши эҳтимоли ҳақидаги фикри сўралган.

"Йўқ. АҚШ ўз ҳарбий режаларидан Россияни воқиф этиб бормаганида ҳам шу фикрни айтардим", деган у.

Шу билан бирга ҳозирда халқаро майдонда "совуқ уруш давридан буён энг таранг вазият юзага келгани"ни қайд этиб ўтган.

"Барча томонлар ҳозирда ҳушёр туриши керак. Бизга навбатдаги эскалация керак эмас", деган ГФР ТИВ раҳбари.

Вазир Германия ҳукумати Идлибда Башар Асад ҳукумати кимёвий қурол қўллаган деган фикрда эканини маълум қилиб ўтган.

У БМТ ва кимёвий қуроллар қўлланишига қарши ташкилотнинг мутахассислари вазият юзасидан текширувлар ўтказиши кераклигини таъкидлаган.

Шу билан бирга у Германия АҚШнинг Сурия армияси позицияларига қарши навбатдаги ҳужумларда иштирок этиши эҳтимолини рад этган.

"Бундестаг қабул қилган мандат фақат ИШИДга қарши курашни назарда тутади, биз Сурияга қарши урушмаймиз", деган у.

Башар Асад даври ортда қолди
"Мен жуда ҳам умид қиламанки, халқаро ҳамжамият кўрсатадиган босим Башар Асад тузумига халқаро тартибларни бузган ҳолда аҳолига заҳарли газ қўллашга ва беайб одамлар, аёллар ва болаларни ўлдиришга йўл қўймайди", дея давом этган германиялик вазир.

"Кимёвий қурол қўлланиши - бу халқаро нормаларнинг қўпол равишда бузилишидир. Асаднинг жаллодлари иши ҳарбий жиноятдир", деган у.

"Айни вақтда кўплаб кишилар Асад режимидан азият чекмоқда. Мен ишонаманки, эртами кечми Асад жиноятлари учун жавобгарликка тортилади. Унинг даври ортда қолмоқда", деган вазир.

Эслатиб ўтамиз, 7 апрелга ўтар кечаси АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг икки кемасидан Суриянинг Ҳомс вилоятидаги Шайрат аэродроми томон 59та «Томагавк» қанотли ракеталари учирилди. Шундан сўнг, Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг Суриядаги авиабазага ҳужумини суверен давлатга қарши тажовуз деб ҳисоблашини билдирди. Кўп вақт ўтмасдан Россия Сурияда кўзда тутилмаган ҳолатларнинг олдини олиш ҳақидаги меморандум амалда бўлишини тўхтатгани ҳақида хабар пайдо бўлди.