Ҳиндистондаги IBC24 телеканали сухандони Суприт Каур ўз турмуш ўртоғи ўлимига сабабчи бўлган ЙТҲ ҳақидаги янгиликни ўқиди. Бу ҳақда The Times of India нашри хабар тарқатди.

У янгиликларни ўқиётганида лентада 3 кишининг ўлимига сабаб бўлиб, 2 киши жароҳатланган йўл транспорт ҳодисаси ҳақида маълумот келиб тушади. Канал мухбири воқеа жойидан хабар берганди. 

Нашрнинг ёзишича, бошловчи бу ўз турмуш ўртоғи сафарга йўл олган автомобиль эканини англайди, лекин ўзини тутиб туради ва ишини охирига қадар давом эттиради.

Эфир тугагач, Каур студиядан чиқади ва мухбирга телефон қилади. Шунда у ўз турмуш ўртоғининг вафот этгани ҳақида аниқ билади ва ўзини йўқотади.

"Бу ҳар қандай инсон учун даҳшатли ҳодиса. Аммо Суприт ўзини тута олди ва ишига содиқлигини кўрсатди. Биз у билан фахрланамиз", — деган канал ходимларидан бири.

 

Каур ва Харсад Каваде бундан бир йил олдин турмуш қурган эди.